Сан-Диэгода самолёт ҳалокати оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
22 май куни АҚШнинг Сан-Диэго шаҳрида кичик хусусий самолёт ҳарбийларга тегишли турар-жой ҳудудига қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида бир нечта уй ва машиналар ёниб кетди, камида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 1News хабар берди.
Федерал авиация маълумотларига кўра, бортда жами 6 киши бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида Sound Talent Group мусиқа агентлигининг ҳаммуассиси Дейв Шапиро ҳам бор. У самолёт эгаси бўлиб, учувчилик гувоҳномасига эга бўлган. Шунингдек, ҳодиса қурбонлари орасида рок гуруҳи Тhе Devil Wears Prada нинг собиқ барабанчиси Даниэл Уилямс ҳам бўлган. Учинчиcининг шахси ҳозирча ошкор этилмади.
Воқеа маҳаллий вақт билан эрталаб соат 04:00 атрофида содир бўлган. Маҳаллий расмийлар ҳалокат вақтида ҳаво туман бўлгани, самолёт ерга урилишидан олдин электр симларига тегиб кетганини маълум қилди. Юзага келган ёнғин бир уйни бутунлай вайрон қилган, камида 10 та уйга зарар етган. Яна олтитa машина ёниб кетган.
Яқин атрофда яшовчи аҳоли орасида ҳам жабрланганлар бор. Бир оиланинг беш аъзоси тутундан заҳарланиш билан касалхонага ётқизилган. Яна бир киши деразадан чиқишга уринаётганда жароҳатланган. Яна икки киши воқеа жойида енгил тан жароҳатлари билан даволанган. Умуман олганда, камида 100 киши эвакуация қилинган.
Қайд қилинишича, Cessna Citation II русумли самолёт Ню-Жерси штатидаги Тетерборо аэропортидан учиб чиққан. У Вичита (Канзас)даги Жабара аэропортида ёнилғи тўлдириб, Сан-Диэгодаги Монтгомерй-Гиббс ижрочи аэропортига йўл олган.
Тергов ишларини АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши олиб бормоқда. Ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмаган, аммо туманли об-ҳаво инобатга олинмоқда.