Австралияда сув тошқини оқибатида 10 минг одам уйсиз қолди, 3 киши халок бўлди

Австралиянинг жануби-шарқий қирғоғида 21–22 май кунлари ёққан кучли ёмғир ва тўсатдан юзага келган сув тошқинлари натижасида 3 киши ҳалок бўлди, ўн минглаб одам уйсиз қолди. Бу ҳақда The Indipendent нашри хабар берди.

Янги Жанубий Уэлс штатидаги бир неча ҳудудлар энг кўп зарар кўрган. 

Хабарга кўра, Тари шаҳри яқинида 63 ёшли эркакнинг жасади сув босган уйидан, йўқолган 30 ёшлар атрофидаги эркак сувдан, яна бир ҳудудда эса 60 ёшли аёл машинасида вафот этган ҳолда топилган. Унга полиция томонидан сув тошқини бўлган йўлдан ўтмаслик ҳақида огоҳлантириш берилган бўлган.

Янги Жанубий Уэлс бош вазири Крис Миннс ҳолатни «табиий офат» деб атаб, 140 та сув тошқини бўйича огоҳлантириш берилганини, 50 мингдан ортиқ фуқаро эвакуацияга тайёр бўлиши кераклигини билдирган.

Штатда 100 дан ортиқ мактаблар ёпилган, минглаб уйлар электр таъминотисиз қолган. Кeндлтаун қишлоғи бутунлай сув билан ўралиб қолган.

Австралия Метеорология бюроси айрим ҳудудларда жума кунгача 200 мм гача ёғингарчилик бўлиши ва бу ҳаёт учун хавфли ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилган.

Қутқарув хизматлари ҳозиргача 590 та одамни қутқариб, юзлаб мурожаатларга жавоб берган. Қидирув-қутқарув ишларига 2,5 мингдан ортиқ ходим жалб этилган.

 

Жаҳон