Сурияда Сувайда шаҳридаги тўқнашувлар ортидан бадавийлар эвакуация қилинмоқда
Сурияда ҳукумат томонидан бадавий оилаларининг эвакуацияси бошланди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Маълумотларга кўра, Суриянинг жанубидаги Сувайдa шаҳрида друзлар ва бадавийлар ўртасида юзага келган бир ҳафта давом этган можаролар натижасида камида 260 киши ҳалок бўлган, 128 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
21 июль куни эрталаб 500 га яқин бадавий фуқароси 10 та автобусда Сувайдa шаҳридан чиқиб кетган. Уларга Суриянинг Қизил Ярим Ой жамияти ва тез ёрдам машиналари ҳамроҳлик қилган. Эвакуация қилинаётганлар яқин атрофдаги Дараа вилоятига жойлаштирилмоқда. Умумий ҳисобда 1,5 минг кишини кўчириш режалаштирилган.
Тўқнашувлар 13 июль куни бошланган бўлиб, маҳаллий друзлар ва бадавийлар кланлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар ортидан келиб чиққан. Ҳодисалар Суриянинг урушдан кейинги тикланиш жараёнини издан чиқариш хавфини туғдирди.
Можарога Исроил ҳам аралашган. У Дамашқдаги Мудофаа вазирлиги бинолари ва Сувайдa вилоятидаги ҳукумат кучларига ҳаво зарбалари берган. Исроил расмийларига кўра, бу чоралар друзларни ҳимоя қилиш мақсадида кўрилган.
Расмий маълумотларга кўра, Сувайдaнинг эттита туманида араб бадавийлари яшайди. Аҳолининг айрим қисми ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоятни ихтиёрий тарзда тарк этмоқда.
Айни пайтда эвакуация ишлари давом этмоқда. Бедарак йўқолганларни қидириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича қидирув ва тиклаш гуруҳлари иш олиб бормоқда.