Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси қанчага камайгани маълум бўлди
Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2020 йилнинг январь-ноябрь ойлари якуни билан 32 971,8 милион АҚШ долларини ташкил этган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу кўрсатгич 2019 йилнинг январь-ноябрь ойларига нисбатан 4 897,6 милиион АҚШ долларига (12,9 фоизга) камайган. Шунингдек, республиканинг экспорт ҳажми 89,5 фоизни, импорт 85,3 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, хабарда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш стратегияси диверсификацияланган ва рақобатбардош иқтисодиётни яратишга, инновацион технологиялар ва бозорни бошқаришнинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда миллий ресурслардан максимал даражада фойдаланишга йўналтирилгани айтилган.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага кўпайгани ва республиканинг умумий ташқи қарзи қанчалиги маълум қилинганди. Шунингдек Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқлангани хабар қилинганди.