Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади

Ўзбекистонда 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун 25 декабрь куни Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан 2021 йил учун республика буджетидан биринчи даражали буджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари тасдиқланди.

Шунингдек, қонунга асосан 2021 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат буджети прогнозлари ҳамда 2022–2023 йиллар учун буджет мўлжаллари белгиланди. Бундан ташқари, 2021 йил учун қуйидаги айрим тўловлар ставкалари тасдиқланди:

  • мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
  • товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғимларнинг чекланган ставкалари;
  • автотранспорт йиғимларининг ставкалари.

Маълумот учун, ушбу қонун 2021 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Аввалроқ Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқлангани ва Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019–2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани ҳамда Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани хабар қилинганди.

Янгиликлар