Сирдарёда болаларини сувга оқизмоқчи бўлган аёл иши бўйича маълумот берилди

Сирдарё вилоятида аёл болаларини сувга оқизиб юбормоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, видеотасвирда келтирилган она А.Р. ва унинг фарзандлари Тошкент вилояти Бекобод тумани Туркман маҳалласида доимий яшаб келган. Видеодаги ҳолат 2020 йил 15 декабрь куни содир бўлган.

Ўрганишлар натижасида она ўз турмуш ўртоғи Э.Ш.нинг бошқа бир аёл билан баъзи-баъзида телефон орқали сўзлашаётганлигини билиб уни рашк қилади ва аччиқ устида Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти Ширин шаҳар Фарҳод маҳалласига ўтадиган Дўстлик канали кўпригининг Бекобод тумани қисмидан ўз фарзандларини каналга ташламоқчи бўлган вақтида Ширин шаҳар Экология ва атрофни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатиб қолинади ва каналнинг иккинчи қисми — Ширин шаҳар Фарҳод маҳалласи ҳудудига олиб ўтилади.

Ширин шаҳар ИИБ ҳамда Фарҳод МФЙ ходимларининг суриштирувлари натижасида аниқланишича, 1985 йилда Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган аёл (она) А.Р. ва унинг турмуш ўртоғи Э.Ш.лар ўртасида рашк туфайли ҳеч қандай оилавий можаролар ва жанжаллар бўлмаган.

Бўлиб ўтган мазкур воқеа Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида бўлганлиги ҳамда воқеа иштирокчилари ҳам Бекобод туманида доимий яшаб келаётганлиги сабабли айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Бекобод тумани ИИБ ҳамда Туркман маҳалласи ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда эрга тегмаган қиз 6 ойлик боласини сотаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар