Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлганларга оид жиноят иши ҳал этилмасдан тугатилгани маълум бўлди
Тошкент шаҳридаги Юнусобод метро линияси қурилишида содир бўлган фавқулодда ҳодиса юзасидан жиноят иши жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан тугатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Тошкент шаҳар прокуратураси хабар қилди.
Мазкур ҳодиса сабаб 2019 йилнинг 18 декабрь куни 6 киши ҳалок бўлган эди. Шаҳар прокуратурасининг маълум қилишича, фожеа юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди, 258 модда (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Қурилиш-техник суд экспертизаси хулосасига кўра, Юнусобод метроси бекатининг туннели ўнг томонининг темир-бетон конструкцияси қулаб тушганига туннелни очиқ усулда ковлашда техник хавфсизлик қоидаларининг бузилгани ва қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилгани сабаб бўлган. Бу масъул шахсларнинг жараённи етарлича назорат қилмаганлиги натижасида содир бўлган.
Тошкент шаҳар прокуратураси берган маълумотларга кўра, масъул шахслар ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатишни сўраб мурожаат қилишган. Шунингдек, иш берувчи ҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарарни қоплаган ва улар томонидан эътирозлар мавжуд эмаслиги маълум бўлган.
«‘Ўзбекистон темир йўллари’ АЖ бошқарувининг юқоридаги ходимларга берган ижобий тавсифномасини инобатга олган ҳолда 18 март куни Жиноят кодексининг 84-моддаси (Озодликни чеклаш) 5-қисм 2-бандига асосан жиноят иши тугатилди», дейилади прокуратура хабарида.
Маълумот ўрнида, Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида янги «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари 30 август, якшанба куни фойдаланишга топширилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Юнусободдаги метро бекати олдида аёл мурдаси қотиллик аломатлари билан топилгани ҳақида хабар берилганди.