Тошкент шаҳридаги «Техноконтинентал» корхонасида ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Техноконтинентал» корхонасида 27 ноябрь, жума куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Kun.uz»/Иллюстратив

Маълум қилинишича, 27 ноябрь куни соат 12:00 да корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиладиган сиқилган газнинг сизиб чиқиши оқибатида ёнғин юзага келган. Воқеа жойида ишлаётган корхона ходимларидан бир гуруҳи термик жароҳат олган.

Воқеа жойига ёнғинга қарши курашиш ходимлари етиб боргунига қадар корхона ходимларнинг саъй-ҳаракати билан ёнғин бартараф этилган. Жароҳат олган ходимлар зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига жойлаштирилган. Улар шифокорлар назоратига олиниб, беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Aйни пайтда ҳодиса рўй берган жойда вазиятни ўрганиш ва бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида тузилган республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

Aввалроқ Aндижондаги ошхонада ёнғин содир бўлгани ҳамда Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бири ёниб кетгани хабар қилинган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Пахта нефть базаси»да 5 минг тонна сиғимли ёнилғи цистернаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик базада содир бўлган ёнғин тафсилотлари эълон қилинган.

Янгиликлар