Москвада минглаб рейдлар ортидан 450 дан ортиқ мигрант депортация қилинди
Россияда, жорий йилнинг 9 ойи давомида жамоат жойлари, савдо ва озиқ-овқат марказлари, ётоқхоналар ҳамда бошқа жойларда 7632 та рейд ўтказилди. Бу ҳақда мамлакат ИИВнинг Москва шаҳри бўйича Бош бошқармаси маълумот берди.
Текширувлар натижасида қарийб 1400 нафар мигрантни мамлакатдан чиқариш бўйича қарор қабул қилинган, шулардан 450 нафаридан ортиғи депортация қилинган.
Миграция соҳасида 58 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган, уларнинг аксарияти, яъни 15 мингга яқини — чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Россияга кириш ёки бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ, — дейилади ҳисоботда.
Бундан ташқари, 5000 дан ортиқ россиялик иш берувчилар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш тартибини бузган.
Шунингдек, турли жиноятлар, жумладан, оғир жиноятлар содир этганлиги учун қидирувда бўлган 242 нафар, хавфли касалликларга чалинган 430 нафар, Россияга қалбаки ҳужжатлар билан кириб келган 100 нафар шахс аниқланган.
Аввалроқ, 22 сентябрь куни полиция ходимлари ўзбек хонандасининг Красноярскдаги концертига бостириб кириб, Марказий Осиё давлатларининг 26 нафар фуқаросини қўлга олган эди.