Тошкентда наркосавдогар оила аъзоларидан 8 кг гиёҳвандлик воситаси топилди

Тожикистон Республикасидан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиб, Тошкентда сотиш билан шуғулланиб келган оила аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Тошкент вилоятида «Оҳангарон – Пискент» йўналишида ҳаракатланаётган, олдиндан кузатувга олинган «EQUINOX» русумли автотранспорт воситаси текшириш мақсадида тўхтатилади.

Натижада, автомашинада бўлган аёл ва унинг ўғли тожикистонлик танишлари томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойда қолдирилган гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун кетаётганликлари маълум бўлади.

Сўнгра уларнинг уяли алоқа воситалари текширилганида, тожикистонлик шахс томонидан «Телеграм» мессенжери орқали наркотик модданинг геолокацияси ва фотосуратлари юборилганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилади.

Натижада Пискент тумани ҳудудидаги йўл четига яшириб кетилган 4 кг 985 гр «гашиш» моддаси ашёвий далил сифатида олинади.

Шунингдек, уларнинг Олмазор туманидаги яшаш хонадонидан ҳам 1 кг 124 гр «опий» ва 1 кг 976 гр «гашиш» моддалари олинади. Бундан ташқари, аёлнинг муқаддам судланган ўғли ҳам процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

AI News