Шавкат Мирзиёев ФАО бош директори билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюя билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати ҳабар беради.

Томонлар замонавий чақириқ ва таҳдидларга самарали жавоб беришда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Учрашувда амалий ҳамкорликда эришилган натижалар қайд этилди. Жумладан, 2025 йилгача бўлган даврга мўлжалланган мамлакат ҳамкорлик дастурини амалга оширишнинг сифат кўрсаткичлари икки баравар ошди.

Фаол амалга ошириш босқичида 34 та лойиҳа мавжуд. Ўтган йил давомида қишлоқ хўжалиги, мактаб овқатланиши, ветеринария, агрокимё ва бошқа йўналишларда 7 та янги лойиҳа ишга туширилди, — дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда янги 5 йиллик ҳамкорлик дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Агросаноат мажмуасини рақамлаштириш, илғор билим ва тажриба алмашиш, ер фонди унумдорлигини ошириш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, замонавий кластерлар ва логистика марказларини ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича истиқболли қўшма лойиҳа ва тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ глобал ва минтақавий вазиятга доир масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон