Орол денгизи тубида шўрланишга чидамли ўсимлик синовдан ўтказилди

Орол денгизи тубида экологик юқори шўрланишга чидамли ўсимлик тури синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, Илмий тадқиқотлар вазирлик тасарруфидаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан, профессор Зиновий Новитский раҳбарлигида олиб борилмоқда. 

Тадқиқотларнинг мақсади – шўрланган ва экологик оғир ҳудудларда яшай оладиган барқарор ўсимлик турларини аниқлаш.

Дала синовлари натижасида арундо донах (гигант қамиш) ўсимлиги энг истиқболли тур сифатида ажратиб олинди. Ушбу ўсимлик намликни яхши кўришига қарамай, шўрланган шароитга мослашувчанлиги билан ажралади. Тажрибада ўсимликнинг илдизи 2 метр чуқурликка етиб боргани кузатилган.

Илмий гуруҳ арундо донахнинг яшовчанлигини ошириш учун она ўсимлик илдиз куртакларидан кўчат тайёрлаш технологиясини ишлаб чиққан. Бундай куртаклар Урганч ва Қорақалпоғистондаги Оролга ўхшаш ҳудудлардан келтирилган. Тажриба натижаларига кўра, экилган кўчатларнинг 90% дан ортиғи яшаб қолган.

Ўсимликнинг чуқур ва кенг илдиз тизими тупроқни мустаҳкамлаш, эрозия ва чанг бўронларининг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда. Мазкур синовлар Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш ва экотизимни тиклашга хизмат қилувчи муҳим босқич ҳисобланади.

Ҳозиргача минтақада 2 млн гектар майдонда яшил қоплама яратилган. Келгусида бу майдон яна 100 минг гектарга кенгайтирилиб, умумий ўрмонзорлар майдони 2,1 млн гектарга етказилиши режалаштирилган.

 

Қорақалпоғистон