Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади

15-16 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

Саммитда Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этади.

Тадбир кун тартибидан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, устувор соҳаларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари ўрин олган. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Маслаҳат учрашуви якунларига кўра кўп томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон етакчиси томонидан 2017 йилнинг сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Ўзбекистоннинг ушбу форматдаги раислиги даврида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди.

AI News