Тошкентда ўзини ДХХ ва президент администрацияси ходими деб таништирган шахс 3,6 йилга қамалди
Тошкентда ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ва президент администрацияси ходими сифатида кўрсатган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб хабар қилди шаҳар ИИБ матбуот хизмати.
Хусусан, Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида «Lacetti» русумли автомашинаси тўхтатилади. Шахсни текшириш чоғида 32 ёшли ҳайдовчи «Д.О.» ўзини ДХХ ходими эканлигини билдиради. Фуқаро инспекторларга шахсини кўрсатиб, сўнгра «юқори мансабдор шахсга қўнғироқ қилиш» учун қўйиб юборишини сўраган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эркакнинг хатти-ҳаракатларини шубҳаланиб, унинг келиб чиқишини текширишади. Натижада, ҳужжатлар сохта эканлиги ва «Д.О.»нинг ДХХ билан алоқаси йўқ эканлиги маълум бўлади.
Тергов давомида Д.О. аввал ҳам судлангани аниқланди. У ўзини бир неча бор президент администрацияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими сифатида таништирган, шунингдек, вазирлик ва идораларда ишлашини айтиб келган. Фуқаро амалдор сифатида чиқиш қилиб, сохта гувоҳномалар орқали шахсий манфаатларини кўзлаган.
Мазкур шахс Жиноят кодексининг 228-моддаси 2 ва 3-қисмлари «а,б» бандлари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.