Партия соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштиришни таклиф қилмоқда
Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, хусусан, “электрон поликлиника” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Партия ташаббусининг соҳага татбиқ этилиши нафақат тиббий хизматлар сифатини оширади, балки жамиятда адолат ва шаффофликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Бунни қуйдаги ҳолатларда кўриш мумкин:
- • Электрон тиббий хизматлар платформалари орқали беморлар ўзлари учун қулай вақтда шифокорга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳам беморларнинг ҳам шифокорларнинг вақти тежалишига хизмат қилади;
- • Ягона электрон анкета ва тиббий маълумотлар базаси орқали ҳар бир беморнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотлар яхлит сақланади. Бу шифокорларга беморнинг бутун тиббий тарихини кўриш имконини беради ва даволаш жараёнини самарали ташкил этишга ёрдам беради;
- • Рақамлаштирилган тизимлар инсон омилига боғлиқ хатоларни камайтиради;
- • Рақамлаштирилган маълумотлар орқали давлат органлари соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб боради, ортиқча қоғозбозликни камайтириш орқали сарфланадиган маблағлар тежалади.
Қолаверса, турли омилларга кўра, маълумотлар йўқолиши сабабли беморлардан қайта-қайта таҳлил ва текширувлар талаб қилинмайди, бу эса вақт ва молиявий ресурсларни тежайди.
Шу билан бирга, электрон тизимлар орқали қабулга ёзилиш, таҳлил натижаларини кўриш ва бошқа хизматлар автоматлаштирилади. Бу шифокор ва ҳамшираларнинг ортиқча юкламаларини камайтириб, уларнинг асосий вазифаларига кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради.
Соҳани рақамлаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча амалга оширилган операциялар электрон тизимда қайд этилади ва назорат органлари учун очиқ бўлади.
Бу коррупцион схемаларни олдини олишга хизмат қилади.
Автоматлаштирилган тўлов ва ҳисоб-китоб тизимлари орқали ноқонуний тўловлар ва пул ўғирлаш ҳолатлари камаяди. Таҳлилларга кўра, Руминияда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш орқали коррупция даражаси сезиларли даражада пасайган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон “Адолат“ СДПнинг соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ташаббуси мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳолига қулайлик яратиш ва тизимни замонавий талабларга мослаштиришда катта аҳамиятга эга.