Тошкент вилоятида солиқ текширувлари инспектори пора билан ушланди

Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текширувлари бўлими катта инспектори пора билан қолга олинди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати ҳабар берди.

Мазкур мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи, боғдорчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликда ўтказилаётган сайёр солиқ текширувини ижобий ҳал қилиб, 1 йил давомида солиқ органлари томонидан текширув ўтказмаслик эвазига хўжалик раҳбаридан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбирда солиқ инспектори ўз ҳаракатлари қонунга хилоф эканлигини билгани ҳолда, ушбу пул маблағини тамагирлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда, инспекторга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

AI News