Ўзбекистонга Шри-Ланка денгиз портларидан фойдаланиш таклиф қилинди
Ўзбекистонга жаҳон бозорига маҳсулот экспорт қилиш учун Шри-Ланка портларидан фойдаланиш таклиф қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси Алишер Тўхтаев Коломбо шаҳрида ушбу мамлакат савдо, тижорат, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кооператив ривожланиш вазири Васанта Самарасингҳе билан учрашди.
Учрашувда, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш механизмлари, жумладан бизнес-форумлар ўтказиш, делегацияларнинг ўзаро сафарларини ташкил этиш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қўшма ишчи гуруҳ ва ҳукуматлараро комиссия тузиш бўйича ташаббус ва таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, логистика, туризм, таълим, инвестициялар ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижий томон Ўзбекистон маҳсулотларини дунё бозорига чиқаришда ўз портларидан фойдаланишни таклиф этиб, бу борада барча қулайликларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди, — деб таъкидланди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ва амалий «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадида мутасадди идоралар ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинди.