Ўзбекистонда суюлтирилган газ учун аҳолидан 2,2 млрд сўм ортиқча тўлов олинган

Рақобат қўмитаси суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича қонунчилик талаблари бузилганлигини маълум қилди. Унга кўра истеъмолчилардан жами 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олинган.

Аниқланишича 2025 йилнинг ўтган даврида газ етказиб бериш билан боғлиқ истеъмолчиларидан жами 19 487 та мурожаатлар келиб тушган.

Шундан сўнг, қўмита томонидан корхоналарда ўрганиш ишлари амалга оширилган.

Ўрганишлар натижасида ўтган даврда республиканинг бешта вилоятида аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида суюлтирилган газнинг оғир қолдиқлари (конденсат) ҳажми жами 1,5 минг тоннани жумладан:

Навоийда — 92,9 тн;

Сурхондарёда — 490,2 тн;

Қашқадарёда — 371,3 тн;

Фарғонада — 370,5 тн;

Бухорода — 175,6 тн ташкил этган.

Бунинг ҳисобига истеъмолчилардан жами 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олинганлиги аниқланган, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Навоий вилоятида «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали томонидан газ баллонидаги жами 92,9 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари учун истеъмолчилардан 125,4 млн сўмлик ортиқча маблағлар олинганлиги аниқланган.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали томонидан 79 та истеъмолчидан 125,7 млн сўмлик ортиқча ҳисобланган ҳамда газ баллонларидаги жами 490,2 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари (конденсат)  учун истеъмолчилардан 640,3 млн сўмлик, жами 766, 0 млн сўм ортиқча маблағ олинганлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ҳолатлар бўйича қўмита томонидан истеъмолчиларга ортиқча олинган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.

 

Ҳодисалар