Шавкат Мирзиёев «Самарқанд – Ургут» янги темир йўл линияси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев «Самарқанд – Ургут» янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.

Ушбу темир йўл қурилиши жорий йил февраль ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, «Ургут» иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди.

Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.

Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли.

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди.

Сафар чоғида Президент темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди.

Таъкидланишича, янги темир йўлнинг келиши билан Ургутда иқтисодий ўсишни чеклаб турган тўсиқлар, логистик тромблар бартараф этилади. Юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга арзон ва вақтида етказилади, инвесторлар учун қулайликлар янада ортиб, ҳудуднинг рақобатбардошлиги ошади.

Сафар чоғидаги суҳбатда давлат раҳбари Самарқандда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларнинг одамлар ҳаётидаги ижобий акси яққол кўзга ташланаётгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари сифатида тарбиялаш ҳақида сўз юритди.

Ургут вокзали янги йўналишнинг асосий нуқталаридан бири. Президент вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш тизими ва йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. Туристлар учун қулайликларни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.

AI News