Тошкент аэропортида 1,5 млрд сўмлик тилла соат олиб кирган фуқаро қўлга олинди

24 август куни соат 02:40да Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти чегара ва божхона пости ходимлари Дубайдан учиб келган Ўзбекистон фуқаросини кўрикдан ўтказди.

Натижада фуқаронинг қўл юкидан 1 миллиард 540 миллион 260 минг сўмлик қимматбаҳо тошлар билан безатилган «Patek Philippe Geneve» русумли тилла қўл соати топилган.

Қайд этилишича, соат божхона назорати вақтида кўрсатилмаган ва декларациядан ўтказилмаган. Шу билан бирга олиб кирилган соат, жисмоний шахслар учун белгиланган импорт меъёридан ошиб кетган.

Мазкур тартибни бузган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227 19-моддаси билан жавобгарликка тортилади, — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текшируви олиб борилмоқда.

Ўзбекистон