Андижон шаҳар ҳокими ўн биринчи фарзанди туғилган оиланинг хонадонига борди (фото)
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 11-фарзанди дунёга келган оиланинг хонадонига ташриф буюрди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 12 сентябрь, шанба куни «Янги ҳаёт» МФЙ Орол кўчасида истиқомат қилувчи Қодирохуновлар оиласига борган.
Баҳром Ҳайдаров оилани янги туғилган чақалоқ билан табриклаган.
Қайд этилишича, шаҳар ҳокими оилага кир ювиш машинаси, телевизор, иситиш печи, болалар аравачаси, болалар ётоғи, турли ўйинчоқлар ва бошқа анжомлар совға қилган.
Маълумот учун, 39 ёшли Насиба Қодирохунова 7 сентябрь куни ўн биринчи фарзандини дунёга келтирган. Қодирохуновлар оиласида 8 қиз ва 3 ўғил бор эканлиги қайд этилган.
Мавзуга доир: Андижонда 39 ёшли аёл 11-фарзандини дунёга келтирди
Аввалроқ Андижон шаҳар ҳокими фуқаролар мурожаатларини қабул қилгани ва хотин-қизларни доимий иш ўрни билан таъминлаш масаласини кўриб чиққани хабар берилган эди. Шунингдек, Андижонда шаҳар ҳокими иштирокида 26 нафар мактаб битирувчисига 303 миллион сўм имтиёзли кредит берилгани маълум қилинди.