Aндижонда CОVID-19’га чалинган ҳомиладорларнинг ерда ётгани айтилган хабар асоссиз деб топилди
Aндижон шаҳар ҳокимлиги «Андижон шаҳар хокими поликлиникада ўзини реклама қилмасдан, реал муаммони ҳал қилсин» сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан расмий баёнот берди, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири.
Айтилишича, ушбу хабар юзасидан Aндижон шаҳар ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, шифохонадаги вазият жойида бориб ўрганилган. Таъкидланишича, хабардаги ҳолат ўрганилганда суратда кўрсатиб ўтилган фуқаро ўз хоҳиши билан махсус жойда ёта олмаслиги сабабли ерга тўшак солган ҳолда ётишни сўраганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, шифохона вилоят ҳокими ташаббуси билан замонавий кислород ишлаб чиқариш мажмуи билан таъминланган бўлиб, оғир ҳолатдаги 180 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш қувватига эга. Беморлар ва тиббиёт ходимлари 3 маҳал сифатли, иссиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва қадоқланган сув билан таъминланмоқда. Шифохонада 183 нафар тиббиёт ходими беморларга 3 та сменга бўлинган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган салбий хабарлар ўрганиш натижасида мутлақо асоссиз эканлиги аниқланган. Шунингдек, 380 ўринга эга шифохонада ҳозирги кунда 310 нафар фуқаролар даволанмоқда ҳамда 70 та ўрин бўшлиги ва оғир ҳолатдаги фуқароларни қабул қилишга тайёрлиги таъкидланган.
Aввалроқ вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдирган. Шундан сўнг Андижонда COVID-19’га чалинган ҳомиладорларнинг ерда ётгани айтилган ҳабар юзасидан ўрганиш бошланган эди.
Мавзуга доир: Асака ҳокимлиги банкда карантин қоидаларига риоя этилмаётгани юзасидан қилинган мурожаатга муносабат билдирди
Аввалроқ Бухорода марказий поликлиника бўшатилиб, ундаги 200 дан ортиқ тиббиёт ходими ишсиз қолаётгани айтилган хабарга муносабат билдирилгани ҳамда Косонсойда карантин марказидаги 225 нафар тиббиёт ходимига 400 млн сўмдан ортиқ маблағ берилгани маълум қилинганди.