Андижонда Давлат захираларини бошқариш қўмитасига 166 млн сўмдан ортиқ қарздорлик ундириб берилди
Андижон вилояти Андижон шаҳрида Давлат захираларини бошқариш қўмитасига 166 миллион 17 минг 840 сўм қарздорлик ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 26 июнь кунидаги ижро варақасига асосан қарздор «Андижон нефть базаси» масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси фойдасига жами 166 миллион 17 минг 840 сўм ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ҳамда бўлим давлат ижрочиси томонидан 28 август куни ижро иши юритиш қўзғатилган. Қарздор МЧЖ тўлаши лозим бўлган сумма юзасидан огоҳлантирилган.
Ижро ишини таъминлаш мақсадида олиб борилган ҳаракатлари натижасида қарздор «Андижон нефть базаси» МЧЖдан ундирувчи Давлат захираларини бошқариш қўмитаси фойдасига 14 сентябрь куни белгиланган қарздорлик ундирилиши таъминланган.
Аввалроқ Самарқандда ўтган 6 ой давомида 14 миллиард сўмлик ва Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ҳамда Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.