Андижонда январь—октябрь ойларида салкам 300 мингта электр ҳисоблагич ўрнатилди

Андижон вилоятининг 9 та шаҳар ва туманида январь—октябрь ойларида 290 984 та электр ҳисоблагич ўрнатилди. Бу ҳақда «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, вилоятнинг 9 та шаҳар ва туманида 290 984 та электр ҳисоблагич ўрнатилган. 2020 йил охирига қадар 260 068 та, йил якунига бориб, 577 700 та истеъмолчининг барчасига замонавий электр ҳисоблагичини ўрнатиш ишларини якунлаш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 21 октябрь ҳолатига кўра 290 984 га яқин истеъмолчига АСКУЭ тизимига мос бўлган электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Шулардан 68 737 таси тизимга боғланиб, электр энергияси истеъмоли, ҳисоб-китоблар, назорат ишлари автоматлаштирилган тарзда олиб борилган. Вилоят бўйича электр ҳисоблагич ўрнатиш ишларига жами 433 нафар ходим жалб қилинган.

«Андижон вилоятида жами 635 294 электр энергияси истеъмолчиси мавжуд. Улардан 1402 таси аҳоли, 289 582 таси улгуржи истеъмолчилардир», — деди «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг молия-иқтисод ва энерго масалалари бўйича директор ўринбосари Машъал Ҳожиматов.

Аввалроқ Андижонда газ таъминотининг пасайиш сабаблари маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар