Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Бешариқ туманида аёлнинг ҳамёнини тортиб олган эркакка жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 8 октябрь куни Бешариқ туманида яшовчи М.Х. Сирдарё кўчасида жойлашган савдо дўкони олдида, шу дўкондан савдо қилаётган Х.М. исмли аёлнинг қўлидаги сумкасидан 900 доллар пуллари, уяли телефон аппарати ва фуқаролик паспорти солинган ҳамёнини очиқдан-очиқ тортиб олиб ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан Бешариқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Aввалроқ Фарғонада корхона ишчисининг салкам 500 долларини ўғирлаб кетган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.