Фарғонада корхона ишчисининг салкам 500 долларини ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди

Фарғона шаҳрида 22 сентябрь, сешанба куни корхонада қаровсиз қолдирилган костюм чўнтагидан 1 миллион сўм, 400 АҚШ доллари ҳамда фуқаролик паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини ўғирлаб кетган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 22 сентябрь куни Оқ йўл кўчасида жойлашган корхона ишчиси Ю.М. ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, унда шу куни соат 10:00 атрофида номаълум шахс корхона ҳудудида қаровсиз қолдирилган костюмининг чўнтагида бўлган 1 миллион сўм пули ва 400 АҚШ доллари ҳамда фуқаролик паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.О. содир этганлиги аниқланган. Таъкидланишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Учкўприкда қаровсиз қолдирилган велосипедни ўғирлаган шахс қўлга олингани, Қўштепада мобиль илова орқали фуқаронинг пластик картасидан 550 минг сўм ўғирлаган шахс қўлга тушгани ҳамда Когонда омборга ўғирликка тушган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар