Боливияда турли тиллардаги ёзувлар акс этган монолит топилди — фото
Жанубий Америка қитъасида жойлашган Боливия мамлакатида ҳам сирли монолит пайдо бўлди. Бу ҳақда Санта-Круз департаменти Самайпата муниципалитети ҳукумати маълумотларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Самайпата жанубида тўртта томонли, баландлиги уч метрга яқин металл конструкция топилди. Бу қатор оммавий ахборот воситаларида монолит деб айтилмоқда», дейилади маҳаллий ҳокимиятнинг Twitter’даги саҳифасида.
Мавзуга доир: Украинада ҳам уч қиррали монолит топилди — фото
Олинган суратларга кўра, монолитнинг иккала томонида турли хил тиллардаги ёзувлар мавжуд. Ҳозирда улар қандай мазмунни ўз ичига олгани ва ким томонидан ёзилганлигини аниқлаш учун ўрганилмоқда.
Аввалроқ AҚШ штатларидан биридаги чўлда 3 метрли номаълум монолит топилгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Руминиядаги шаҳарларнинг биридан ҳам учбурчаксимон монолит топилган.
Шунингдек, Калифорнияда оғирлиги 90 килограмм бўлган учинчи монолит топилгани маълум қилинган. Таъкидланишича, уни 2 декабрь куни маҳалий аҳоли вакили Гари Лёнс топган эди. Шундай монолитлардан яна бири 7 декабрь куни Буюк Британиядаги оролдан топилган. Унинг кўзгуга ўхшаш экани таъкидланган.