Бош прокурор: «Коррупция аралашмаган бирорта қурилиш йўналиши қолмаган»
Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Ниғматилла Йўлдошев коррупция аралашмаган бирорта қурилиш йўналиши қолмаганини маълум қилди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
Қайд этилишича, қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.
«Вазият шу даражага етиб борганки, коррупция етиб бормаган бирорта қурилиш босқичи ёки йўналиши қолмаган. Эътибор беринг, 2018—2019 йилларда фақат тергов ўтказилган жиноят ишлари бўйича қурилиш соҳасида 142 миллиард сўм талон-торож қилинганлиги, қурилишга оид масалаларни ҳал қилиш эвазига 1,6 миллиард сўм ва қарийб 1 миллион доллар пора олингани аниқланди», — дейди Бош прокурор.
Маълумотларга кўра, Навбаҳор туман ҳокимининг 1-ўринбосари Х. «Конимех балиқчи» жамияти раҳбари А.дан балиқчилик ҳавзасига коллектор қазилишига рухсат бериши эвазига 11 минг доллар олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилган.
«Сувоқова» корхонаси Қашқадарё вилояти бошқармаси мутахассиси Н. «Диёрбек Учқун» корхонаси раҳбари Б.га танишлари орқали қурилиш объекти олиб бериш эвазига 14 минг доллар беришни талаб қилиб, 9 минг доллар олганда ушланган. Мазкур соҳада давлат бошқаруви ва назоратига масъул Қурилиш вазирлиги тизимида ҳам суиистеъмолчиликлар кузатилаётганлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. ва Чилонзор туман ҳокимияти бўлими бошлиғи Ш. «Max Saodat» жамиятига кўп қаватли уй — жой қуриш учун Чилонзор туманидан 1 гектар ер ажратиш эвазига 1 миллион 400 минг доллар талаб қилиб, 50 минг долларни олган вақтида ушланган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани маълум бўлди
Аввалроқ Бош прокурор ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.