Бухоро шаҳрида «II Халқаро мотоҳаваскорлар фестивали»га старт берилди (фото)
Бухоро шаҳрида 2 октябрь куни «II Халқаро мотоҳаваскорлар фестивали»га старт берилди. Бу ҳақда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти aхборот хизмати
Хабарга кўра, 2—4 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилаётган «II Халқаро мотоҳаваскорлар фестивали»нинг 80 нафардан ортиқ иштирокчилари мото-марафони 3 октябрь куни, соат 9:30 да «Aсиа Букҳара» меҳмонхонаси олдидан йўлга чиққан.
Маълум қилинишича, иштирокчилар кун давомида қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор манзиллари бўйлаб саёҳатда бўлишади. Хусусан, соат 10:30 да мотокарвон «Баҳоуддин Нақшбанд» зиёратгоҳига етиб борса, 11:30 да «Мохи-хосса» ёзги саройига, 12:30 да эса «Пойи Калон» мажмуасига етиб боради.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти aхборот хизмати
Хабарда айтилишича, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур мото-марафон вилоят ҳокимлиги ва вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси масъуллари ҳамкорлигида ташкиллаштирилган.
Маълумот ўрнида, мазкур байкерлар шоуси вилоятда иккинчи маротаба ўтказилаётган бўлиб, анъанавий тарзда ташкил этиш режалаштирилган.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти aхборот хизмати
Аввалроқ Бухоро вилояти ҳокими иштирокида югуриш марафони ўтказилгани, Бухорода ўтказилган пиёда юриш марафонида 100 дан ортиқ киши қатнашгани хабар қилинган эди.