Бухоро вилояти ҳокими қурилиши бошланган 3 та ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди (фото)

Бухоро вилоят ҳокими Фарҳод Умаров қурилиши бошланган 3 та ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳар Қарши дарвоза кўчаси мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлайдиган пахта йигирув ва тўқимачилик кластери — «Merganteks» МЧЖ корхонаси негизида енгил саноат комплекси қурилиши бошланган. Унда табиий ва кимёвий толалар аралашмасидан интеграциялаштирилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

«Фабриканинг лойиҳа қиймати 25 миллион долларга тенг бўлиб, унинг 10 миллион доллари бизни қўллаб-қувватлаётган ‘Миллий банк’ вилоят филиалининг кредит маблағи ҳисобланади. Умуман, мазкур лойиҳа доирасида Бухоро шаҳрида 750 кишилик меҳнат жамоасига эга ‘Нигора’ МЧЖни ташкил этиб, йил якунига қадар ишлаб чиқаришни бошлаш ҳаракатидамиз. Иккинчи босқичда эса келгуси йили иккинчи чорагида Қоракўл туманида яна битта линияни фойдаланишга топшириб, қўшимча 300 кишини иш билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиққан лойиҳамиз бор», — деди «Merganteks» МЧЖ раҳбари Иброҳим Ҳамроев.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Қайд этилишича, асосан эркаклар кийим-кечаги тикиб тайёрланадиган «Нигора» МЧЖ енгил саноат корхонасининг йиллик қуввати 35 миллион долларга тенг. Ушбу маблағдан 10 миллион долларга тенг маҳсулот чет элга экспорт қилиниши белгиланган. Бундан ташқари, лойиҳа эгаси томонидан вилоят марказининг Мустақиллик кўчасида 5 қаватли замонавий меҳмонхона қуриш режалаштирилган.

Фарҳод Умаров 15 сентябрь куни вилоят прокурори Дилшод Файзиев ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров билан мазкур объектга ташриф буюрган ва амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳа билан танишган. Қурилаётган мажмуа ва унда жойлашган Япониянинг «Жуки» тикув дастгоҳлари, Германиянинг йигирув-тўқув ускуналари билан жиҳозлантирилаётганига қониқарли баҳо берилган. Аммо ҳудуд ободончилиги боғлиқ нуқсон ва камчиликлар қайд этилган. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси жамоаси мазкур ҳудудда тозалаш ва ободонлаштириш ишларини бошлаган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29–30 март кунлари вилоятга ташрифи давомида берилган тавсия ва топшириқлардан келиб чиққан ҳолда ишлар амалга оширилди. Жумладан, Бухоро шаҳрининг Жўйбор кўчасида жойлашган собиқ Исмоил Фозилов номидаги трикотаж фабрикасининг бўш турган бино-иншоотлари 750 та янги иш ўрнини яратиш шарти билан «Шофиркон Экваториал текс» МЧЖ ихтиёрига «ноль» харид қийматида берилган. Бундан ташқари, 18 ой давомида 8 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш вазифаси юклатилган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

«Эндиликда бу ерда ‘Ғайрат Чодак’ бренди остида аёллар кийим-кечаги ва свитери-жемпер ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллион долларга тенг. Ажратилаётган сармоянинг 6,5 миллион доллари ‘Халқ банки’ вилоят филиалига тегишли бўлиб, 3 миллион доллари ўз маблағимиз. Ҳадемай мукаммал реконструкция ишларига киришиладиган 4 қаватли муҳташам иншоотдаги қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини 2021 йилнинг иккинчи чорагида тўлиқ якунлаш ва корхонани фойдаланишга топшириш кўзда тутилган», — деди корхона раҳбари Нодир Муродов.

Мазкур тўқув, бўёқ ва тикув фабрикаси қуриб битказилганидан сўнг 1350 кишини иш билан таъминлаши белгиланган. Фабрикада йилига 900 минг дона аёллар жемпери ва 4 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш имконияти яратилиши режалаштирилган. Инвестор томонидан 15 сентябрь ҳолатига кўра жами 650 минг доллар миқдорида инвестиция киритилган. Вилоят раҳбари ҳудудда коммуникация-муҳандислик тармоқларини қуриб битказиш, электр энергияси, табиий газ таъминоти ва оқава сув канализация тармоғини соз ҳолга келтириш ҳамда атрофни ободонлаштириш талабини қўйган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Сўнгра вилоят мутасаддилари Бухоро туманида жойлашган «Бухоробалиқ» МЧЖга ташриф буюрган. Мазкур корхона 20 йиллик фаолияти давомида мулк шаклига кўра акционерлик жамияти, ширкат хўжалиги, масъулияти чекланган жамияти мақомида фаолият кўрсатиб келган. Корхона сўнгги йилларда инқироз кўчасига кириб қолган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Корхонада чавоқ етиштириш, мавжуд табиий ва сунъий ҳавзаларда балиқ боқишни кўпайтириш, бунда инкубация ва лаборатория фаолиятини жонлантириш, тайёр маҳсулот айирбошлашдан тушган даромадни давлатга кирим қилиш, солиқлар тўлови масалаларида қатор нуқсон ва камчиликлар йиғилиб қолган. Маълумот учун, корхонанинг умумий майдони 278 гектар ва 175 гектарии сув ҳавзасидан иборат.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Фарҳод Умаров бу ердаги ечимини кутаётган муаммолар юзасидан корхона раҳбаридан изоҳ талаб қилган ва мураккаб вазиятдан қутулиб чиқиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўраган.

Балиқчиликда тажрибага эга Таиланд давлатининг «RAS Tailand» ҳамда «Eco Aqua Culture», Германиянинг «Water Provide GmBG», Латвиянинг «Akwa Ferma» каби компаниялари мазкур корхона билан ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик қилишга қизиқиши борлигини билдирган. Амалий саъй-ҳаракатга келсак, таиландликлар «Бухоробалиқ» МЧЖдаги имкониятларни юқори баҳолаб, бир йил муддатда 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритиш истагини билдирган. Улар томонидан 15 сентябрь ҳолатига кўра 5 миллион доллар миқдорида сармоя киритилиб, аквапоника ва ёпиқ сув ҳавзаларини тайёрлаш ишларига киришилган.

Лойиҳага мувофиқ, 2021 йилда 11 тоннадан ортиқ балиқ етиштириш, умумий қиймати 30 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспортини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳавзада лаққа, пангасус, форель, треска, туна, окун, лобстер, катла сазани, дўнгпешона, оқ креветка каби 23 турдаги балиқ етиштириш ва алоҳида 8 гектар ер майдони балиқ еми-юқори калорияли озуқаси учун ажратилиш белгиланган. Ушбу иш учун Таиланд давлатидан мутахассислар келиши кутилаётгани қайд теилган. Хорижий мутахассислар кўмагида етиштириладиган балиқдан ташқари 30 га яқин турдаги балиқ маҳсулотлари, яъни, балиқ ёғи, треска жигар ёғи, қуритилган креветка, балиқ филеси ва котлети, хушхўр икра ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлги матбуот хизмати

Якунда вилоят ҳокими мазкур лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш, корхонада ишга бўлган муносабатни яхшилаш ва «Оғитма» табиий сув ҳавзасидаги муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўришни таъкидлаган.

Аввалроқ Фарҳод Умаров Қоракўлда қиймати 50 миллиард сўм бўлган халқаро математика мактабига боргани ҳамда 573 минг доллар инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳа билан танишгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар