Бухорода 900 дан ортиқ фуқарога уй-жой олиш учун субсидиялар ажратилади

Бухоро шаҳрида 924 нафар фуқарога уй-жой олиш учун субсидия ажратилгани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров раислигида ўтказилган йиғилишда шаҳар жойларида 540 хонадонли 14 та 7 қаватли уй-жой ва қишлоқ жойларида 500 хонадонли 17 та 5 қаватли уй-жой қурилиши айтилган. Шунингдек, даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар ва шу тоифадаги 924 нафар фуқарога субсидиялар ажратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар уларнинг 793 тасига субсидия ажратиш бўйича комиссия томонидан ижобий қарор қабул қилинган ҳамда 35 нафар фуқарога 639 миллион сўм бошланғич бадал ва фоиз тўловларини тўлаб бериш учун субсидия ажратилган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан Бухоро вилоятида жами 1700 та квартира қурилиши белгиланган. Ҳозирги кунда қишлоқ жойларида қурилаётган 16 та 4 қаватли 384 та квартирада охирги пардозлаш, сантехника ва электр монтаж қилиш ишлари тўлиқ якунланган. Тузилган шартномага асосан уй-жойларни 2021 йил 1 февралида фойдаланишга топшириш белгиланган бўлса-да, мазкур уй-жойлар 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар тўлиқ топширилади.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари ходимлари учун қурилиётган 2 та 5 қаватли жами 60 та квартира 2020 йилнинг 1 декабрига қадар фойдаланишга топширилади.

Аввалроқ Бухоро шаҳрида салкам 500 нафар субсидия олувчига квартиралар ажратилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар