Бухорода вазирликлар ва маҳаллий ҳокимларнинг оммавий сайёр қабулида 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилди
Бухорода 7 октябрь куни Президент Aдминистрацияси, Халқ қабулхонаси, шунингдек, 20 га яқин вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокидаги оммавий сайёр қабул бошлангани маълум қилинганди. Сайёр қабулнинг сўнгги куни Жондор, Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси учун Жондор тумани марказида ўтказилиб, унда 500 дан ортиқ мурожаат ўрганилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокилиги матбуот хизмати хабар берди.
Саёр қабул Жондор тумани марказидаги Маҳмуд Торобий номидаги ватанпарварлик боғида ўтказилган бўлиб, унда Президент Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов, республика Бош прокурори ўринбосари Ш.Узаков, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари А.Бўстонов, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифхўжаев, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари И.Боситхонова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Б.Умурзоқов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири ўринбосари Ж.Мақсудов, Транспорт вазири ўринбосари Ж.Чориев, Автомобиль йўллари Қўмитаси раисининг ўринбосари О.Жуманиёзов, Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти бошлиғининг ўринбосари Ш.Шерматов ва бошқалар иштирок этган.
Қайд этилишича, ҳар бир мурожаат вазирлик ва идоралар, вилоят ҳамда маҳаллий ҳокимлик, тегишли мутасадди ташкилот раҳбари иштирокида жойида муҳокама қилинган. Хусусан, «Хумин» МФЙ Қалмоқ қишлоғида яшовчи Зебинисо Зарипова икки нафар фарзанднинг онаси, турмуш ўртоғи пандемия шароитида кунлик даромадидан айрилган ва ҳозирда ишсиз. Бу оилага туман ҳокимлиги уй қурилиши учун 2 тонна цемент, шағал ва қурилиш материаллари етказиб берган. Аммо уй ҳужжатларида нуқсони бўлиб, кадастр гувоҳномаси ҳалигача расмийлаштирилмаган. Кам таъминланган оиланинг мурожаати ўрганилиб, тез кунда қондирилиши белгиланган.
«Қишлоғимиз йўли кўп йиллардан буён қишда лой, ёзнинг жазирамасида чанги осмонга кўтариладиган даражада таъмирга муҳтож. Бир неча бор қилган мурожаатимиздан сўнг туман ҳокимлиги амалий ёрдами билан кўчамизнинг ярим километрдан зиёд қисми таъмирланди. Бундай қабуллларни кўпроқ ташкил этиш халқимиз учун айни кўнглидаги иш-да.», — дейди «Демун» МФЙ Жўйзар қишлоғида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Қ.Низомов.
Таъкидланишича, қабулда уч тумандан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш мақсадида бўлган тадбиркорлик субъектларининг ўнлаб лойиҳалари юзасидан тижорат банкларининг моддий қўллаб-қувватлашига алоқадор жами 54 та мурожаат тушган. Уларнинг аксари тегишли тартибда имтиёзли кредит маблағи ажратиш, ваъда қилинган сармояни кечиктирмасликни сўраган.
«Шу куни туманлардан ташриф буюрган фуқаролар томонидан республика ва вилоят мутасаддиларига 500 дан ортиқ мурожаат тушгани, таҳлиллар натижасида Президент номига 51 та, Ички ишлар вазирлигига 46 та, Бош прокуратура, Олий Суд, шунингдек, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларига қирққа яқин шикоят ва аризалар тушгани бу соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар, ўткир муаммолар талайгина эканлигини яққол кўрсатмоқда», дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, 7—9 октябрь кунлари вилоятнинг бир неча ҳудудида бўлиб ўтган сайёр қабуллар натижасида 1 минг 500 дан ортиқ мурожаат бевосита мутасаддилар иштирокида ўрганилган. Уларнинг 394 таси шу куннинг ўзида ижобий ечимини топган. Худди шундай, 223 та мурожаат эгасига ҳуқуқий йўл кўрсатилиб, 164 нафар фуқарога тушунтириш ва мурожаатининг тегишлилигига биноан идора ва ташкилотга йўлланма берилган. 777 та мурожаат эса ижро учун назоратга олинган.
Аввалроқ Данғарада туман ҳокими ўтказган саёр қабулда 3 кишининг мурожаати ҳал этилгани, Қўштепа тумани ҳокиминиг қабулида 40 тага яқин мурожаат тинглангани ҳамда Тошкент вилоятидаги оммавий қабулларда қарийб мингта масала жойида ҳал қилингани ҳақида хабар берилганди.