Булунғур тумани халқ таълими бўлимига мудир тайинланди

Самарқанд вилояти Булунғур тумани халқ таълими бўлими мудири лавозимига Алиқулова Замира Болтабаевна тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, Булунғур туман ҳокимлигида туман халқ таълими бўлими фаолияти, мактабларда таълим сифати ва самарадорлиги ошириш, пандемия даврида таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов халқ таълими вазирининг 2020 йил 24 августдаги буйруғига асосан Алиқулова Замира Болтабаевнанинг Булунғур туман халқ таълими бўлими мудири лавозимига тайинланганини эълон қилган.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Замира Алиқулова ушбу лавозимга тайинлангунга қадар «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Булунғур туман бўлими раҳбари вазифасида фаолият олиб борган. Қарийб 2 йилдан буён туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча Суярқул Бердиқулов бажариб келган.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Шунингдек, йиғилиш давомида туман ҳокими Баҳодир Баҳромов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов сўзга чиққан. Булунғур тумани халқ таълими бўлими мисолида эришилаётган натижалар ҳақида ижобий фикр билдириб бўлмаслиги алоҳида қайд этилиб, ўтган йиллар давомида ОТМга аксарият мактаб битирувчиларининг бирортаси ўқишга кирмагани, фан олимпиадалари, билимлар беллашувлари ва бошқа танловлардаги иштироки бўйича салбий кўрсаткичларга тўхталиб ўтилган.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Бундан ташқари, айни пайтда ота-оналардан олинаётган сўровномаларни шаффоф ва ҳаққоний ўтказиш, янги ўқув йилини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишдаги вазифалар ҳақида мактаб директорларига топшириқлар берилган. Шу билан бирга, халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаевдан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишган.

Аввалроқ Андижон шаҳар, Пайариқ, Тойлоқ, Жомбой туманлари халқ таълими бўлимига янги мудир тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд вилояти статистика бошқармаси раҳбарлигига Толиб Сидиқов, Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси рахбарлигига Ҳусан Тўхтаев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимига янги маслаҳатчи этиб Шерали Темиров тайинлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар