Чустда 59 млн сўмлик 2 та қорамолни алдов йўли билан олиб кетган эркакка чора кўрилди

Наманган вилояти Чуст туманида икки фуқарони чув тушириб, қорамолларини олиб кетган ва қайтариб бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда виляот Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2019 йил декабрь ойида Чуст туманида яшовчи 1984 йилда туғилган фуқаро бир неча кишиларнинг ишончига кириб фирибгарлик жиноятини содир этган. Ҳусусан, у «Анортоғ наслчилик боғдорчилик» фермер хўжалиги томонидан 29 568 000 сўмлик кредит асосида чустлик фуқарога берилган бир бош молини соғлом молга алмаштириб беришини айтган. Уни алдаб, молни олиб кетган ва ҳозирги кунга қадар мол ёки пулларини қайтариб бермаган.

Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Чуст шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кирган. Фермер хўжалигидан 29 596 000 сўмлик кредит асосида берилган бир бош молини ҳудди шу йўл билан олиб, қайтариб бермаган.

Жабрланувчиларнинг ариза ва кўрсатмаларига асосан ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 6 октябрь куни Жиноят кодексинининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Каттақўрғонда танишидан 135 миллион сўмлик қорамол олиб, пулини бермаган фуқарога жиноий иш қўзғатилгани ҳамда Чортоқда танишидан автомобиль сотиб олиб, 9 ойдан буён пулини бермай келган фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар