Фарғонада танишидан «Nexia» сотиб олиб, пулини тўлиқ бермай автомобилни бошқасига сотиб юборган шахс қўлга олинди

Фарғона шаҳрида 2020 йил 3 февраль куни танишининг ишончига кириб, унинг «Nexia» автомашинасини сотиб олган ва пулларини тўлиқ бермай, машинани бошқа кишига сотиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 3 февраль куни фуқаро И.Б. Қўқон кўчасида таниши Х.А.нинг  ишончига кириб, 9800 АҚШ доллари эвазига «Nexia» автомашинасини сотиб олишга келишган. У 3000 доллар бериб, автомашинани олиб кетган ва 6000 доллар олиб келиб беришини айтган. Бироқ берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган автомашинани бошқа шахсга сотиб юборган. Пулларни эса ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. И.Б.га нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Олтиариқда салкам 21 миллион сўмлик қорамолларни алдов йўли билан қўлга киритган шахс ушлангани, Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллион сўмлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани ҳамда Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар