Фарғонада уй эгаси ухлаб қолганидан сўнг 600 минг сўмлик буюмларни ўғирлаган меҳмон ушланди

Фарғона шаҳрида уй эгаси маст ҳолатда ухлаб қолганидан кейин 600 минг сўмлик буюмларни ўғирлаган меҳмон қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида 11 октябрь куни фуқаро К.А. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. Унда 8 октябрь куни номаълум шахс яшаш хонадонига эшик орқали ноқонуний равишда кириб, ётоқхона жавони устида бўлган нархи 100 минг сўмлик «Alcatel» русумли уяли телефони, нархи 100 минг сўмлик селфи таёқчаси ва нархи 400 минг сўмлик шарбат тайёрлаш ускуналарини ўғирлаб кетганини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни И.В. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани аниқланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, гумон қилинувчи И.В. жабрланувчи К.А. нинг фарзанди Е.А. билан уни яшаш хонадонига меҳмон бўлиб бориб, биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланган. Е.А. ухлаб қолганидан фойдаланиб, ўғирлик содир этганлиги сабабли жиноят иши Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмига қайта малакаланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада укасининг 8,5 минг доллардан ортиқ пулини ўғирлаган ака ушланганди. Шунингдек, Ёзёвонда «Nexia-3» салонидан телефон ва 300 долларни ўғирлаган эркак ушланди.

Янгиликлар