Фарғонада уй-жойга муҳтож журналистларга уй қуриб берилади

Фарғона вилоятида уй-жойга муҳтож журналистларга уйлар қуриб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ахборот хизмати «Tez News» га хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ахборот хизмати

Маълум бўлишича, бир гуруҳ уй-жойга муҳтож журналистлар 24 октябрь куни Фарғона шаҳрига йўлдош Миндонобод мавзесидаги шаҳарчага борган ва қурилаётган бинолар, уларга ажратилиши мумкин бўлган уйлар билан танишган.

Фото: Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ахборот хизмати

«Вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров билан бўлган дастлабки суҳбатимиз чоғи мен бошқа муаммолар қатори Президентнинг журналистларга имтиёзли кредит асосида уй-жой қуриш ҳақидаги қарори ижроси масаласини қўйдим. Вилоят раҳбари Миндонобод мавзесида қуриладиган уйлардан бирини “Журналистлар уйи”га айлантирамиз, деди. Шундан сўнг биз тезликда уй-жойга муҳтож журналистлар рўйхатини шакллантирдик», — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, «Фарғона ҳақиқати» — «Ферганская правда» газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов.

Фото: Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ахборот хизмати

Хабарга кўра, Миндонободда 20 та кўп қаватли бинолар қурилмоқда. Бир ҳафта ичида 480 ўринли мактаб фойдаланишга топширилади. Болалар боғчаси, кичик бозор, маҳалла гузари, савдо расталари учун жойлар ажратилган ҳамда қурилиши тез кунларда бошланади.

«Уйларимиз 2—3 хонали бўлиб, кўчиб кириб яшайдиган ҳолатда, алоҳида иситиш ускунаси, ошхона жиҳозлари билан бирга топширилади. Уйнинг нарҳи 2 хоналиги 160, 3 хоналиги 185 миллион сўм атрофида. Унинг ўн фоизи дастлабки тўлов бўлиб, қолган қисми 20 йилга ўн фоизли кредит асосида берилади», — дейди Фарғона тумани ҳокимининг ўринбосари Ўткир Тешажонов.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 24 октябрь куни Миндонобод мавзесидаги янги қурилаётган йўлдош шаҳарчада «Журналистлар уйи»нинг биринчи ғиштини  тантанали суратда қўйган. Тантанали маросимда уй-жойга талабгор журналистлар ҳам иштирок этган. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров улар билан шу ерда мулоқот қилиб, бундан кейин ҳам журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Мен икки фарзандим билан неча йиллардан буён ижарада яшайман. Ҳайрулло Бозоровга катта раҳмат. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан мен ва яна мен каби 23 оила уйли бўлар экан», — дейди вилоят телевидениеси ҳодими Шерзод Юсупов.

«Биз бир хонадонда икки оила фарзандларимиз билан жуда ноқулай шароитда яшар эдик. Энди ўз уйимиз бўлади. Қандай катта бахт!» — дейди «Фарғона ҳақиқати» газетаси мухбири Шохсанам Эшматова.

Маълумот учун, Фарғона вилоятида 60 га яқин ОАВлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 247 та журналист аҳолига ахборот етказиб боради.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга уй совға қилгани, Германия элчиси Ўзбекистонда журналистика ва матбуот соҳасида эркин қадам ташланганини таъкидлагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар