Ғузор—Регар электр узатиш тармоғининг Ўзбекистондаги 63 километри қайта қурилади
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан «Ўзбекистон Республикасида 500 киловаттли Ғузор—Регар (Л-507) электр узатиш тармоғини тиклаш» инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, лойиҳа доирасида 500 киловаттли Ғузор—Регар (Л-507) электр узатиш тармоғининг Ўзбекистон ҳудудидаги 63 километр узунликдаги қисми қайта қурилади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Маълум бўлишича, ўтказилган халқаро тендер танловларида Хитойнинг «Shanghai Electric Power Transmission & Distribution» компанияси ғолиб деб топилган. Шунинг учун мазкур инвестицион лойиҳа Хитой компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Лойиҳа Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомаси асосида амалга оширилмоқда ҳамда у Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг параллель ишлаши вақтида электр энергияси ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Аввалроқ Когонда электр энергияси учун бетон-таянчлар ўрнатилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги 2 та маҳаллани электр билан меъёр даражасида таъминлаш учун 49 та, Пахтаободдаги маҳаллада 15 та бетон-таянч ўрнатилгани маълум қилинган эди.