Каттақўрғонда 14 йилдан бери фойдаланилмаётган боғча капитал таъмирланди (видео)

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 14 йилдан бери фойдаланилмаётган боғча капитал таъмирланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Самарқанд вилоятида 2020 йилда 47 та боғча қурилиши режалаштирилган. Булунғур туманининг «Каттақишлоқ» маҳалласидаги 14 йилдан бери фойдаланилмаётган боғча капитал таъмирланди. Боғчада ёзги ошхона, болалар майдончаси қурилди. Атрофи девор билан ўралиб сув иншооти қурилмоқда.

Мазкур болалар боғчаси байрам арафасида фойдаланишга топширилади. Шунингдек маҳалладаги 30 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. 480 нафар 3—7 ёшли болалар мактабгача таълим муассасасига қабул қилинади.

«Бизнинг катта қишлоғимизда 2 қаватли бино, боғча очиляпти. Бундан биз жуда ҳам хурсандмиз. Ўзимиз уйда ўтирар эдик, болаларимиз билан. Ҳозир ўзим ишга келяпман, ҳам болаларимни олиб келяпман. Бундан қишлоғимизнинг хотин-қизлари ҳам жуда хурсанд. Боғчага борган болалар билан бормаганларнинг жуда катта фарқи бор. Бу ерда таълим-тарбия олаётган фарзандларимиз келажакда баркамол бўлиб улғайишади», — дейди Бахтигул Жонузоқова.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 15 августдан нодавлат мактаблар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иштихонда бир кунда жами 250 ўринли 3 та боғча ва Шаҳрихонда салкам 8 миллиард сўмга қурилган 240 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилгани ҳамда Пайариқда 100 ўринга мўлжалланган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти иш бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар