Ўзбекистон Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдирди

Ўзбекистон «Вектор» маркази томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19’га қарши вакцинани рўйхатдан ўтгандан сўнг ҳамкорликда синовлардан ўтказишга қизиқиш билдирди, деб хабар берди Роспотребнадзор.

Хабарга кўра, Роспотребнадзор Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан COVID-19 профилактикаси учун вакцинани ишлаб чиқиш масаласи бўйича видеоконференция режимида учрашув ўтказган.

«Томонлар Россия ва Ўзбекистондаги мавжуд эпидемик вазият, ўрнатилган чекловларни бекор қилиш шартлари, шунингдек, Роспотребнадзорнинг «Вектор» вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган Россиянинг «ЭпиВакКорона» вакцинасини синовдан ўтказиш жараёнини муҳокама қилди. Хусусан, ўзбек томони вакцинани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уни ишлатиш бўйича қўшма тадқиқотларда иштирок этиш истагини билдирди»,  дейилади хабарда.

Аввалроқ Россияда коронавирусга қарши эмлаш 5 сентябрдан бошланиши, россияликлар бир йил ичида коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ таъминланиши мумкинлиги хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилган.

Янгиликлар