Ўзбекистонда 14 сентябрдан анъанавий шаклда фаолиятини бошлайдиган мактаблар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда 7 сентябрь кунидан эътиборан очилган мактабларни ҳисоблаганда 14 сентябрь куни очиладиган жами мактаблар сони 2635 тани ташкил қилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, республикадаги қолган мактаблар октябрь ойига қадар индивидуал тарзда жойлардаги ҳолат ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ Маҳаллий кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг очилади. Бундай қарор ҳудуддаги эпидемиологик вазият, ўқитувчиларда аниқланган коронавирус кўрсаткичи, ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиқиб қабул қилинади.

Бунда ҳар бир ҳудуд индивидуал тарзда ёндашади. Масалан, Навоий вилоятидаги баъзи мактабларда дастлабки ҳафталарда асосан бошланғич синф ўқувчилари анъанавий таълим шаклига жалб қилинмоқда. Бошқа вилоятларда эса мактабнинг ҳар бир синфи турли вақтда ва навбатда ўқишни ташкил қилмоқда.

Ҳар бир вилоят ва туман кесимида фаолияти тикланаётган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар тегишлилиги бўйича ҳокимликлар ва туман халқ таълими бўлимлари расмий интернет тармоқларида эълон қилинади. Шу билан биргаликда, мактаблар синф раҳбарлари орқали ота-оналарни хабардор қилади.

Мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчилар «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасида телевизион дарслар орқали ўқитилади. «Онлайн-мактаб» лойиҳасида дарслар жадвали кунлик равишда эълон қилиб борилади.

Маълумот учун, Самарқанд шаҳрида мактаблар очилиши кечиктирилган. 21 сентябрдан 2 та мактабда таълим анъанавий шаклда бошланади.

Aввалроқ Пастдарғомда мактаб ва боғчалар 14 сентябрдан босқичма-босқич очилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқлангани маълум қилинди.

Янгиликлар