Ўзбекистонда банклар омонатчилари олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгар бўлади

Ўзбекистонда банклар ўз ходимининг ҳаракатлари учун омонатчилари олдида жавобгар бўлади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 2021 йил 14 январда Марказий банк бошқарувининг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори Адлия вазирлигида 3030-6-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ҳужжатга мувофиқ, фуқароларнинг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг омонати кафолатланганлиги тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек, омонатчиларнинг банкка жойлаштирган омонатлари юзасидан хотиржамлигини таъминлаш мақсадида банк ходими ўз хизмат вазифасини бажариши давомида ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйган ҳолда омонатчига зарар етказса, бундай ҳолатда банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, фуқароларнинг банкдаги омонатлари «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ кафолатланган бўлса, банк омонати (депозити) шартномасида бу ҳақда маълумот акс эттирилиши кўрсатилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда эндиликда банк хизматлари истеъмолчисига мавжуд қарзлар ҳақида соат 20:00 дан 8:00 гача қўнғироқ қилиши тақиқланганди.

Янгиликлар