Ўзбекистонда Молия вазирлигининг бир қатор функциялари Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан Молия вазирлигининг қуйидаги функциялари Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилади:

  • солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш ва сертификатни бериш;
  • солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш;
  • солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритиш.

Бунга кўра, солиқ маслаҳатчиси адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотларида ишлаган тақдирда, солиқ маслаҳати бўйича фаолиятда 3 йил мобайнида иштирок этмаганлиги учун унинг малака сертификати амал қилишини тугатишга йўл қўйилмайди.

Қарорга кўра, Солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқлар бўйича хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари рўйхати юритилади.

Маълум қилинишича, «Таваккалчиликни таҳлил қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида аниқланадиган, йиллик айланмаси охирги уч йил мобайнида 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар (таваккалчилик даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно) ихтиёрий тугатилганда рўйхатга киритилган солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг солиқлар бўйича хулосалари солиқ органлари томонидан тан олинади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтида «солиқлар ва солиққа тортиш» ҳамда «бухгалтерия ҳисоби ва аудит» йўналишлари бўйича 4-курс бакалавриати ўқув дастурларига солиқ маслаҳати фани киритилади.

Аввалроқ Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали тадқиқотчиларига 50 гектар ер ажратилгани ҳамда Тойлоқда ерни ноқонуний ўзлаштирган 5 нафар фуқародан салкам 33 миллион сўм жарима ундирилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар