Ўзбекистонда регбини ривожлантириш учун Япониядан икки нафар мураббий олиб келинади

Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистонда регби спорт турини ривожлантиришда раҳбарларнинг роли, масъулияти ҳамда амалга оширилаётган ишларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган.

Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев 2020 йил 1 июлда Япониянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори ва JAIKA вакили Такасака Мунео билан учрашиб, Япония томонининг гранти асосида 2 нафар мураббийни Ўзбекистонда ишлашга юборишга доир келишувга эришди. Шунингдек, қўшма мусобақалар ва ўртоқлик учрашувлари ташкил этишга келишиб олинган.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш йўлидаги ишлар бўйича Ўзбекистон регби федерацияси раиси Содиқ Сафоевнинг қисқа ҳисоботи тингланган.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида таълим ва спорт-таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларида регби бўйича бўлимлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, Қорақалпоғистон, Наманган, Фарғона, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида жами 33 та қўшимча секция ва тўгарак ташкил этилиб, 500 нафардан зиёд спортчи жалб этилган.

Регби бўйича малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2020—2021 ўқув йилида Ўзбекистон Миллий университининг регби бўлимига 36 нафар талаба, Жисмоний тарбия ва спорт университетига эса 15 нафар талаба қабул қилинган. Содиқ Сафоевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё минтақасидаги давлатлар орасида кучли саккизликка кўтарилган.

Илмий-услубий ишланмалар ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда регби-7 ва регби-15 бўйича тайёргарлик дастурлари, 600 дона «World Rugby» ўқув қўлланмалари ўзбек тилига (кирилл ва лотин алифболарида) таржима қилинган ва чоп эттирилган регби бўйича селекционерларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастури ишлаб чиқилган.

Шунингдек. 2020 йилнинг ноябрь—декабрь ойларида Тошкент шаҳрида олий таълим муассасалари ўрасида «Талабалар лигаси», Регби-7 бўйича Ўзбекистон чемпионати, Мудофаа вазирлиги, Миллий Гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида Регби-15 бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ўтказилади. Бундан ташқари, 3 та ёш тоифасида «Олтин овал» кубогини ўтказиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, йиғилиш якунида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари томонидан ўқув-машқ жараёнини ўтказиш учун Ўзбекистон регби федерациясининг спорт базасини қуришни 2021 йилда тегишли дастурга киритиш бўйича аниқ ишларни амалга ошириш белгиланган.

Аввалроқ «Бош вазир кубоги-2020» футбол мусобақаларида Олий суд жамоаси биринчи ўринни олгани ва Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирига янги ўринбосар тайинлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ташкил этилганди.

Янгиликлар