Ўзбекистонда суюлтирилган газ баллонлари онлайн назорат қилинади

Ўзбекистонда суюлтирилган газ баллонлари онлайн назорат қилинади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 15 октябридан бошлаб «Нududgazta’minot» АЖ томонидан республика ҳудудлари бўйлаб газ баллонларига штрих кодли стикерларни ўрнатиш ишлари бошланган.

Бу тизим қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • I босқич — маиший газ баллонларига махсус штрих кодли стикерлар ўрнатилади;
  • II босқич — истеъмолчилар ID карталар билан таъминланади;
  • III босқич — мазкур жараёнлар «Е-gaz» онлайн тизимига уланади.

Қайд этилишича, истеъмолчига берилган ID картада барча маълумотлар кўриниб туради. Бу билан нарх-навони асоссиз ошириш муаммоси бўлмайди. Шу билан бирга бу тизимда газ баллони тарқатиш оралиғи 45 кун бўлса, 45 кун ичида фақатгина бир марта пул ечиб олинади. Яъни 45 кун ичида иккинчи бор газ баллони олишнинг имкони бўлмайди.

Хабарга кўра, автоматлаштирилган тизимда белгиланган маблағ тегишли муддатда ечиб олинади. Яъни ҳайдовчи экспедитор ва таъминотчи ходимлар томонидан газ баллони учун қўлдан нақд пул олинишига йўл қўйилмайди.

Аввалроқ Андижонда аҳолига сўнгги ўн ойда 47 минг тонна суюлтирилган газ етказилгани ва Уйчида аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш режаси 85 фоизга бажарилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Олтиариқда ўтказилган қабулда юқумли касалликлар шифохонасига 40 та кислород баллони топширилганди.

Янгиликлар