«Қайнопа ўз куёвини сотиб юборди» видеомурожаати юзасидан Наманган вилоят прокуратураси расмий маълумот берди

Наманган вилоят прокуратураси фуқаро И.К.нинг Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилган «Қайнопа ўз куёвини сотиб юборди» мақоласини ўрганиб чиқиб, видео юзасидан расмий маълумотларни тақдим этди.

Маълум бўлишича, фуқаро видеода Норин тумани «Қўшчек» МФЙда яшовчи қариндоши Д.Э. 2009 йил апрель ойида Қозоғистонда ишлатиб, иш ҳақини тўлиқ тўлаб бермаганлиги ҳолати юзасидан Норин туман Ички ишлар бошқармаси томонидан қабул қилинган қарордан ҳамда ИИБ ходими Х.Б.нинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини баён қилган.

Наманган вилоят прокуратураси матбуот хизматининг хабарига кўра муаллифнинг иш ҳақини ундириш ҳақидаги аризаси юзасидан Норин туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Д.Э. ва бошқаларнинг қилмишида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2019 йил 5 декабрьда Жиноят кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Бундан ташқари, 2018 йил 26 март куни фуқаро Х.А. бошқарувидаги «Ваз-2101» русумли автомашинада йўл транспорт ҳодисаси содир этганлиги натижасида автомашинада бўлган йўловчи И.К. соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати олган. Ҳуқуқбузар Х.А.га нисбатан Наманган шаҳар маъмурий судининг 2018 йил 24 апрелдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддасига асосан 172,2 минг сўм миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, мурожаатда қайд этилган ҳолатлар юзасидан профилактика инспектори Х.Б.га нисбатан вилоят ИИБ томонидан 2018 йил 27 июнда ўтказилган хизмат текшируви давомида у фуқаро И.К.га нисбатан қўпол муносабатда бўлганлиги ёки уни ҳақорат қилганлиги ўз тасдиғини топмаган.

«Муқаддам фуқаро И.К.нинг бир хил мазмундаги мурожаатлари вилоят прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, иш ҳақини ундириш масаласида фуқаролик судига, маъмурий суд қарорини бекор қилиш юзасидан юқори суд инстанциясига мурожаат қилиши тушунтирилган ҳолда 2020 йил 2 апрель, 8 апрель ва 18 июнь куни жавоб хати берилиши таъминланган», — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасида «Агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янги очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, мурожаатларни кўриб чиқиш тугатилади» деб белгиланган. Шунга кўра, фуқаро И.К.нинг мурожаатини вилоят прокуратураси томонидан кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида 2020 йил 27 июлда қарор қабул қилиниб, бу ҳақида ариза муаллифига маълум қилинган.

Аввалроқ Уйчи тумани мутасаддилари билан карантинда зиёфатда ўтирган ИИБ ходимига ҳайфсан берилгани, Наманганда ака ўгай укасини темир лом билан ўлдириб, унинг жасадини ёқиб юборгани ҳамда Наманганда жанжал оқибатида ука аканинг қўлини белкурак билан чопиб ташлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар