Ўзбекистон бўйича 37 нафар абитуриент биринчи сменада тестдан четлаштирилди

Ўзбекистон бўйлаб 2 сентябрь куни ўтказилган тест синовларида жами 37 нафар абитуриент имтиҳондан четлаштирилди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Хабарга кўра, бу ҳақда Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтаётган брифингда тест синовларининг ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов маълумот бериб ўтган.

Маълумотга кўра, 1-сменада 59 250 нафар абитуриент тест топшириши режалаштирилганди. Шундан 55 767 нафари иштирок этди. 3474 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тестга келмади.

Таъкидланишича, бир нафар абитуриентнинг тана ҳарорати баланд бўлганлиги учун тестга киритилмаган ва далолатнома тузилган.

Қайд этилишича, 8 нафар абитуриент кириш жойида тест синовларидан четлаштирилган. Хусусан, уларнинг 4 нафари телефон, бир нафари шпаргалка, 2 нафари бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлган, бир нафари ҳужжатни сохталаштиргани учун четлаштирилган.

Тест синовлари жараёнларида тартиб-қоидани бузганлиги учун 29 нафар абитуриент тестдан четлаштирилган. Жумладан, уларнинг 26 нафари телефон ва бошқа турли электрон воситалардан фойдалангани учун, бир нафари шпаргалка, бир нафари калькулятор ва бир нафари сохта ҳужжат билан тестга киргани учун четлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда, Наманганда, Фарғонада тест синовлари бошлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар