«Самарқанд ярим марафони хайрия миссиясига айланади» — Азиз Абдуҳакимов

Самарқанд шаҳрида 17 октябрь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида 1 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Samarkand half marathon» ярим марафони дастури бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»

Матбуот анжуманида Бош вазир ўринбосари, «Samarkand half marathon» ташкилий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаяне Умерова, ярим марафон элчиси Севара Назархон ҳамда яриммарафон бош ҳамкори «Капиталбанк» АТБ бошқаруви раиси Алишер Мирзаев иштирок этган ва нутқ сўзлаган. Шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирокидаги ўқув қисмни ўз ичига олган яриммарафон дастурида бир қатор маълумотлар бериб ўтилган.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, бу йил иккинчи бор ташкиллаштириладиган Самарқанд ярим марафони аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. 1 ноябрь куни Самарқандда профессионал спортчилар учун 21 километр масофага мўлжалланган классик ярим марафонни ўтказишни режалаштирилган.

Қайд этилишича, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда 2020 йилги марафон дастурининг спорт қисми икки хил шаклда — Самарқанддаги классик усулдаги югуриш мусобақаси ва Ўзбекистонга келиб иштирок эта олмайдиган спортчилар учун офлайн виртуал мусобақа ташкил этилиши кўзда тутилган.

Фото: «Tez News»

«Таъкидлаш жоизки, бу йилги Самарқанд ярим марафони ҳам республика маданий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлиб, аввалгидек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришдан ташқари, ушбу лойиҳа хайрия миссиясига айланади, яъни аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Бошида ташкилотчилар томонидан пандемия сабабли марафонни бекор қилиш фикри ҳам туғилди. Лекин бунинг ҳам чорасини топиб, виртуал ўтказиш таклифини киритдик. Хусусан, бошқа давлат иштирокчилари айнан Самарқандга келиб эмас, ўзларининг ҳудудларида ҳам белгиланган масофа бўйича марафонда иштирок этадилар. Бу усул кейинги марафонларда ҳам қўлланилади, деган умиддамиз.

Шунингдек, аҳоли қамровини кенгроқ жалб қилиш мақсадида биз онлайн форматдаги иккита янги қўшимча — 1 километр бўлган масофадаги ‘Болалар югуриши’ ва ‘Скандинавча юриш’ вариантларини қўшдик.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, бу галги марафонда жуда катта сарф-харажатлар тежалди. Жумладан, аввалги марафонларимиз учун волонтёрларни жалб этишимиз керак эди, шаҳарни безатиш, хорижий ва маҳаллий иштирокчиларни меҳмонхонага жойлаштириш учун маблағ ажратиларди. Бу сафар асосий харажатларимиз Халқаро югуриш федерациясига тўланадиган бадал учун йўналтирилди. Агар биз буни тўламаганимизда, марафонимиз бутун дунёда тан олинмасди», — дейди Азиз Абдуҳакимов.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, тадбир доирасида аутизмга чалинган инсонлар учун инклюзив муҳитни яратиш ва уларни мамлакатдаги ижтимоий-маданий ва жамоат ҳаётига қўшилиш имкониятлари муҳокама қилинган. «Samarkand half marathon» яриммарафонидан тушган маблағлар аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини ташкил қилишга сарфланиши режалаштирилган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари, матбуот анжуманида ярим марафон дастурида иштирок этувчи халқаро ташкилотлар вакиллари: «Аутизм. Дўстона муҳит» дастури менежери Александра Петрова ва Екатеринбург шаҳридаги «Открытый город» АНТ директори, «Город мастеров» ижтимоий устахоналари раҳбари ва аутизмга чалинган болалар ва катталар учун бир қатор йирик инклюзив ижодий лойиҳалар директори Анна Клещёва видеконференцалоқа шаклида иштирок этган. Шунингдек, марафон ташкилотчилари оммавий ахборот воситаларии томонидан йўлланган саволларга жавоб берган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Самарқанд ярим марафони доирасидаги ўқув-маданий дастурлар диджитал форматда ўтказилади ва виртуал югуриш формати иштирокчиларига манзил ва масофани танлаш эркинлигини беради. Натижалар «Strava» иловасида қайд этилган маълумотларга кўра қабул қилинади.

Хайрия югуриши 1 ноябрь куни бошланади. Соат 9 дан 11 гача профессионаллар учун 21 километр масофали марафон ўтказилади. 11 дан сўнг эса кўнгилли иштирокчилар 1 километрдан 50 километргача ихтиёрий масофани босиб ўтади. мусобақа кунида яриммарафоннинг расмий сайтида бутун дунё бўйлаб иштирокчилар томонидан югуриб ўтган километрларининг жами сони жонли эфирда узатиб борилади. Шу куни югуриш натижаларига кўра, километрларнинг умумий сони энг катта бўлган жамоа ва ҳудуд ғолиб деб эълон қилинади.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, хайрия югуришини ўтказиш Ўзбекистонда маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спорт туризмини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишда ёрдам беради. Ярим марафонда барча хоҳловчилар иштирок этишлари мумкин. Самарқанд ярим марафонининг учала масофасига ҳам рўйхатдан ўтиш www.samarkandhalfmarathon.uz сайти орқали 31 октябрга қадар давом этади.

Аввалроқ Aзиз Aбдуҳакимов Самарқанд ярим марафони виртуал шаклда вилоятлар ўртасида ўтказилишини маълум қилганди. Шунингдек, аутизмга чалинган шахслар билан бирдамлик ва АСБ билан касалланган инсонларнинг ижтимоий муҳитга кириб бориши билан боғлиқ муаммоларга эътиборни қаратиш учун 15 сентябрь куни тунда #moviynurtarat акцияси ўтказилиши муносабати билан Самарқанддаги Регистон майдони, Тошкентда «Wyndham», «Radisson blu hotel», «Hayatt Regency Tashkent» ва «Hilton» меҳмонхоналари, Ўзбекистон Миллий банки биноси ва Темурийлар тарихи музейи мовий рангга бурканганди.

Янгиликлар