Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов 73 ёшда вафот этди
Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов 22 cентябрь куни 73 ёшда вафот этди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Нуриддинхон Исломов 1970 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими вазифасида иш фаолиятини бошлаган. 1980 йилдан 2008 йилга қадар Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бош имом-хатиби вазифасида фаолият олиб борган. 2017 йилгача Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасида ишлаган. Шундан сўнг айни пайтгача Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби ҳамда «Шоҳи Зинда» жомеъ масжиди имом-хатиби лавозимида фаолият олиб бораётган эди.
«Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Нуриддинхон Исломовнинг вафоти муносабати билан унинг оила-аъзолари ва барча яқинларига ҳамдардлик билдириб, чуқур таъзия изҳор этади», дейилади ҳокимлик хабарида.
Мавзуга доир:
Aввалроқ Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд шаҳар 1-сонли туғруқ мажмуаси бош врачи 56 ёшида вафот этгани хабар қилинган.