Самарқандда 5700 нафар мактаб битирувчиси талаба бўлди
Самарқанд вилоятида 2020/2021 ўқув йилида 5700 нафар мактаб битирувчиси талаба бўлди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят Халқ таълими бошқармаси мутахассислари томонидан туман ва шаҳар ҳамда мактаблар кесимида битирувчиларнинг олий таълим муассасасига ўқишга кирганлиги ҳолати таҳлил қилинмоқда. 2020 йил 5 октябрь ҳолатига кўра, битирувчиларнинг 5700 нафари олий таълим муассасаларининг талабаси бўлди. Уларнинг 192 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.
Хабарга кўра, 2019/2020 ўқув йилида вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1225 та умумий ўрта таълим мактабини 53 583 нафар ўқувчи битирди. 13 та умумтаълим мактабида эса 11-синф ўқувчилари битирмади. Битирувчиларнинг 2187 нафари касб-ҳунар техникумларига, 46 528 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишди. Мактаб битирувчиларининг 4596 нафари эса тадбиркорлик ва турли доимий иш билан шуғулланиш истагини билдиришди.
Таҳлил натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари олий таълим муассасасига ўқишга кириб, 81,1 фоизни ташкил этмоқда. Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 31 нафари (68,9 фоиз), Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабининг 115 нафар битирувчисидан 61 нафари (53 фоиз), Қўшработ туманидаги 75-мактаб ва Нарпай туманидаги 26-мактаб битирувчиларининг 50 фоизи олий таълим муассасасига ўқишга кирган. Вилоятдаги 7 та мактабнинг 40—49 фоиздан ортиқ битирувчиси, 24 та мактабнинг 30—38 фоиздан ортиқ битирувчиси олий таълим муассасасига ўқишга кирган. Битирувчиларининг 20—29 фоизи ўқишга кирган мактабларнинг сони эса 84 тани ташкил қилмоқда.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириш кўрсаткичларини ўтган ўқув йили билан қиёслаганда ижобий натижаларга эришилганини кўриш мумкин. Ўтган 2018/2019 йилида вилоятдаги 1236 та мактабларни 30 983 нафар ўқувчи 11-синфни битириб, уларнинг 2556 нафари, яъни 8,2 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган. 2019/2020 ўқув йилида эса олий таълим муассасасига ҳужжат топширган 46 528 нафар битирувчидан 5736 нафари (2020 йил 5 октябрь ҳолатига кўра), яъни 12,3 фоизи ўқишга киришган. Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида 356 та мактабдан бирорта ўқувчи олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаган бўлса, 2019/2020 ўқув йилида эса бу кўрсаткич 145 тани ташкил қилмоқда. Вилоят Xалқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириш кўрсаткичлари таҳлили мактаб ва туман, шаҳарлар кесимида давом этмоқда.
Aввалроқ Ўзбекистон ОТМларида 2020/2021 ўқув йили учун контракт нархлари эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.